Грузия МСКнинг мухолифотдаги аъзолари қайта сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда
Грузия Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг мухолифотдаги аъзолари зудлик билан МСК йиғилишини ва қайта сайловларни ўтказишни талаб қилмоқда, чунки уларга кўра, 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида овоз бериш сири бузилган.
“Сайлов кунидан буён 10 кун ўтди ва шу 10 кун давомида сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, энг муҳими, Грузия сайловчилари Конституциянинг асосий тамойили – овоз беришнинг махфийлиги бузилганига қарши норозилик билдирди. Марказий сайлов комиссиясининг мухолифат аъзолари раис Гиоргий Каландаришвилидан зудлик билан комиссия йиғилишини чақиришни талаб қилмоқда, унда сайловлар ҳақиқий эмас деб топилади. Биз қайта сайловлар ўтказилишини талаб қиламиз”, — деди “Бирлик – Миллий Ҳаракат” коалициясининг Марказий сайлов комиссиясидаги вакили Давид Киртадзе.
Марказий сайлов комиссиясининг яна бир мухолифат аъзоси Гиоргий Сиоридзенинг сўзларига кўра, сайловда овоз бериш сири бузилганини Грузия жанубидаги Тетри-Цкаро шаҳри суди ҳам тасдиқлаган ва 30 та сайлов участкасида овоз бериш натижаларини бекор қилган.
“Бу сайловларни ҳақиқий эмас деб топиш ва қайта сайловлар тайинлаш учун қонуний асос борлигини англатади”, – дейди Сиоридзе.
4 ноябрь куни судья Владимир Хучуа Тетри-Цкаро ва Цалка муниципалитетларидаги 30 та сайлов участкасида овоз бериш махфийлиги бузилган деб топиб, овоз бериш натижаларини бекор қилганди. Судга ариза берган Грузия ёш ҳуқуқшунослар уюшмаси судьянинг қарори янги прецедент яратди, деб ҳисоблайди.
Шарҳлар