Грузияда эртага президентлик сайловларининг санаси эълон қилинади
Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили бугунги йиғилишда президентлик сайловлари санаси 26 ноябрда эълон қилинишини маълум қилди. Бундан буён мамлакат фуқароларининг аксарияти ушбу жараёнда бевосита иштирок этмайди.
Илгари амалда бўлган халқ овози ўрнига энди президент Сайловчилар коллегияси орқали сайланади.
Кенгаш 300 кишидан иборат бўлиб, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
◾️Грузия парламентининг 150 нафар аъзоси,
◾️Абхазия Олий Кенгашининг 20 нафар вакили,
◾️Ажария Олий Кенгашининг 21 вакили,
◾️Маҳаллий ҳокимиятлардан 109 нафар делегат.
Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзод камида учдан икки (300 тадан 200) овоз олиши керак. Агар бу чегарага эришилмаса, иккинчи тур ўтказилади, бунда сайлов учун оддий кўпчиликнинг овози етарли бўлади.
Президентлик сайловлари парламент биносида бўлиб ўтади. Йиғилишлар зали сайлов участкаси сифатида жиҳозланади, овоз бериш соат 9:00 дан 14:00 гача бўлади.
Сайловчилар коллегияси аъзолари бюллетенлар ёрдамида овоз беради. Барча босқичлар, жумладан, овозларни санаш жараёни ҳам жонли эфирда намойиш этилади.
Шарҳлар