Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга қарши номойишчилар полиция билан тўқнашди (видео)
17 апрель куни кечқурун Тбилисининг минглаб аҳолиси яна Грузия парламенти биноси ёнида норозилик намойишларига чиқиб, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилди, деб ёзади Медуза.
17 апрель куни кундузи парламент “Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Овоз беришда фақат парламентдаги кўпчилик вакиллари қатнашди. Ҳужжатни ёқлаб 83 депутат овоз берди. Грузия мухолифати даъво қилишича, қонун лойиҳаси Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунчилигини такрорлайди.
Кечки пайт парламент яқинида йиғилган намойишчилар ҳукуматдан бир соат ичида қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб қилди. Бундай бўлмаганидан кейин митинг иштирокчилари Давлат канцелярияси биносига қараб тинч юриш уюштирди, у ерда эса Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе билан учрашмоқчи бўлди.
Ҳукумат биноси ўз вақтида полиция томонидан қуршаб олинган. Намойишчилар бинога киришга уринган, улар ва полициячилар ўртасида бир неча марта тўқнашувлар юз берган.
Грузия ИИВ хабарига кўра, митинг чоғида бир неча намойишчи “тинч шаклда норозилик билдириш талабига бўйсунмаган ва зўравонлик ишлатган”.
Оқибатда икки киши қўлга олинган. Улардан бирининг совуқ қуроли мусодара қилинган.
Шарҳлар