Трампга нисбатан суиқасдда гумонланувчи сўнгги уч йил Киевда яшаган
АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга суиқасд уюштиришда гумонланаётган Райан Уэсли Рут сўнгги уч йил асосан Киевда яшаган, деб хабар бермоқда The Times ўз манбаларига таяниб.
У ерда у Афғонистон, Ироқ ва суриялик ҳарбий хизматчиларни Украинадаги жанговар ҳаракатларда Украина қуролли кучлари томонида туриб жанг қилишга ёллаш билан шуғулланган. Манбаларга кўра, Киевда Рутнинг доимий яшаш жойи бўлмаган. У Украина ҳарбий қисмлари базалари ёки казармаларида тунаган.
Рутнинг Украинадаги контакт билан 2022 йил ёзидан 2023 йил кузигача давом этган ёзишмаси араб мамлакатларидан ёлланган аскарлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Хусусан, у Украина халқаро легион вакили билан мулоқот қилган, аммо у 2022 йил ноябрида Сурия ва Ироқдан аскарларни қабул қилишдан бош тортиб, ушбу мамлакатлар ҳарбий хизматчилари “жиддий сабабларга кўра тақиқ остида” эканини таъкидлаган.
Газетанинг Украинадаги суҳбатдошларидан бири айтишича, Рут “ёллаш ишида муайян ютуқларга эришган”, аммо 2-Халқаро легион қўмондони поковник Руслан Мирошниченко нашр билан суҳбатда америкаликдан қандайдир ёрдам қабул қилганини рад этган. Унинг сўзларига кўра, Рут ихтиёрий равишда ҳаракат қилиб, чет элликларни ёллаш бўйича ҳеч қандай ваколатларга эга бўлмаган, кўп ҳолларда унинг хатти-ҳаракатлари Украина қуролли кучларининг ёлланма жангчиларни қабул қилиш бўйича расмий сиёсатига мувофиқ келмаган.
Шарҳлар