AFP: Маккага ҳаж зиёрати чоғида 577 киши ҳалок бўлган
Саудия Арабистонига ҳаж сафарини амалга оширган зиёратчиларнинг 577 нафари ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда AFP агентлиги ўз манбаларига таяниб. Агентлик маълумотларига кўра, уларнинг 323 нафари Миср фуқаролари бўлиб, Маккадаги жазирама оқибатидаги касалликлардан вафот этган. Яна 60 киши иорданияликлар бўлган.
Мисрлик мансабдор АFP’га маълум қилишича, қурбонлар сонининг кўплиги ҳаж бўлиб ўтаётган шароитлар ва юзага келаётган тиқилинчлар билан боғлиқдир. Зиёратчиларнинг кўпчилиги рўйхатдан ўтмаган, натижада улар келганидан кейин ҳаж иштирокчилари яшаётган лагерлар ҳаддан ташқари тўлиб кетган. Бу йил 1,83 миллион киши ҳаж зиёратини амалга оширган бўлиб, шуларнинг 1,6 миллион — чет элликлар.
Агентлик манбалари сўзларига кўра, ҳаж чоғида зиёратчилар узоқ вақт овқатсиз, сувсиз ва кондиционерларсиз яшаган. Шунингдек, уларнинг жазирамадан сақланадиган бошпанаси ҳам бўлмаган. Таъкидланишича, Маккада диний маросимлар амалга ошириладиган ҳудудда ҳарорат ҳар ўн йилда 0,4 даражага кўтарилмоқда. 17 июнь куни Маккадаги Катта масжидда ҳарорат 51,8 даражага тенг бўлган.
Ҳаж 14 июнь куни бошланган бўлиб, 19 июнгача давом этади. 16 июнь куни Саудия Арабистони ТИВ жазирама туфайли 2 мингдан ортиқ зиёратчи касалхонага ётқизилганини маълум қилганди. 17 июнь куни эса идора 14 нафар ироданиялик зиёратчи ҳалок бўлиб, 17 киши бедарак йўқолганини хабар қилди. Ўшандан буён жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар янгилангани йўқ. 2023 йилда эса ҳаж зиёратчиларининг 240 нафари вафот этган.
Шарҳлар