Жанубий Корея КХДР билан ҳарбий битимни тўхтатиб қўяди
Жанубий Корея Миллий хавфсизлик кенгаши 2018 йилги Кореялараро ҳарбий келишув амал қилишини бутунлай тўхтатиш ҳақидаги лойиҳани кўриб чиқади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Лойиҳага мувофиқ, битим Сеул ва Пхеньян ўртасидаги ишонч қайта тикланмагунича амал қилишдан тўхтайди.
Миллий хавфсизлик кенгаши қонун лойиҳасини 4 июнь кунги мажлисда кўриб чиқади.
Кореялараро битим 2018 йил 19 сентябрда тузилган бўлиб, ҳарбий соҳадаги кескинликни пасайтириш бўйича чора-тадбирларни, хусусан, чегарадош ҳудудларда буфер зоналари ўрнатилишини кўзда тутади. 2023 йил ноябрида Жанубий Корея ушбу келишув шартларига риоя қилишдан қисман воз кечишини эълон қилганди. Бундай қарорга КХДР томобидан разведкачи сунъий йўлдошлар учирилгани сабаб бўлган.
31 май куни Жанубий Корея Бирлашув вазирлиги Шимолий Корея провокатсияларни давом эттирса, унга қарши “жуда оғир” чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирди. Ҳукумат КХДРга қарши чегара бўйлаб карнайлар орқали эшиттиришлар узатиш ва Шимолий Корея режими танқид қилинган варақалар тарқатишни ўз ичига олувчи “психологик уруш” олиб бориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
28—29 май ва 2 июнь кунлари КХДР Жанубий Кореяга ахлат ва гўнг ортилган ҳаво шарларини юборди. КХДР Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат ҳудудида Жанубий Кореядан келган ташвиқот материаллари топилганидан кейин шундай ишга қўл урилган.
Шарҳлар