Пентагон Украинадаги элчихонага қўшимча ҳарбий маслаҳатчиларни юбормоқчи

Фото: АЭИ

АҚШ Украинадаги элчихонасига қўшимча ҳарбий маслаҳатчиларни юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер Politico’га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, маслаҳатчилар жанговар ҳаракатларда қатнашмайди, балки Украина ҳукумати ва ҳарбийларига консультациялар бериб, уларни қўллаб-қувватлайди.

“Бутун низо давомида Мудофаа вазирлиги бизнинг мамлакатдаги иштирокимизни хавфсизлик шароитлари ўзгаришига қараб ўрганиб ва тузатиб борди. Айни пайтда биз элчихона қошидаги Мудофаа ҳамкорлиги бошқармасини кенгайтириш учун бир нечта қўшимча маслаҳатчиларни йўналтириш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз”, — деди Райдер.

Унинг аниқлик киритишича, ушбу персонал дипломатик миссия раҳбарига бўйсунади, лекин ҳарбий идора ходимларини ўз ичига олади. Пентагон вакили “тезкор хавфсизлик ва кучларни ҳимоя қилиш юзасидан” уларнинг сонига аниқлик киритишдан бош тортди. Америкалик мансабдорлар нашрга маълум қилишича, гап 60 киши ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.