Хитойда юз фоиз ўлимга олиб келадиган коронавирус яратилди

Фото: Ведомости

Хитойда юз фоиз ўлимга олиб келадиган коронавирус ишлаб чиқарилди, дея хабар беради ушбу тадқиқот натижаларини эълон қилган Biorxiv ихтисослашган ресурси. Пекин кимё-технология университети ва Клиник тиббиёт илмий-тадқиқот маркази олимлари янги вирус билан лаборатория сичқонлари устида тажрибалар ўтказган. COVID-19нинг “қариндош” вируси билан зарарлангандан сўнг 7-8 кун ичида барча сичқонлар нобуд бўлган.

Янги вирус 2017 йилда Малайзия панголинларда аниқланган GX/2017 штамми асосида яратилган. Унинг лаборатория белгиси – GX_P2V (short_3UTR).

Патоген сичқонларнинг турли аъзоларига, жумладан, ўпкага, нафас йўлларига, суякларга, кўз ва мияга ҳужум қилган. Энг кучли зарар мияда кузатилган. Ўлим олдидан сичқонлар вазнини йўқотган ва кўзлари оқариб кетган.

Тажриба ғарбий эпидемиологларда ташвиш уйғотган, улардан бири уни “даҳшатли ва маъносиз» деб атаган. Биологик хавфсизлик чоралари ҳақида маълумот йўқлиги олимлар орасида хавотир туғдирмоқда. Айримлар бундай тажрибаларни «кеч бўлмасидан олдин» тўхтатишга чақирмоқда.

Хитойлик вирусологлар ўз тадқиқотларини ўлимга олиб келувчи вирусларни ўрганиш COVID-19 билан боғлиқ қариндош вируслар механизмларини тушуниш учун муқобил модель бериши мумкин, деб асосламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.