,

Хусийлар Арабистон денгизида Америка танкерига зарба берди

Фото: EPA

Хусийлар Арабистон денгизидаги Адан қўлтиғида Американинг Chem Ranger танкерига зарба берди. Бу ҳақда Al Masirah маҳаллий телеканали Яман ҳарбийларига таяниб хабар қилди. Уларнинг даъво қилишича, зарба тўғри бориб нишонга урилган. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги ўққа тутиш юз берганини тасдиқлади, ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилди.

Британиянинг денгиз хавфсизлиги билан шуғулланувчи Ambrey компанияси маълум қилишича, Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракатланган Америка танкерига тўртта учувчисиз учар қурилма яқинлашган. Ҳодиса Ямандаги Эл-Мукалла портидан 140 км жануби-шарқда содир бўлган. Дронлардан бири сувга қулаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги пресс-релизида айтилишича, танкерга зарба 18-январ куни маҳаллий вақт билан 21:00 атрофида берилган. Хусийлар иккита кемага қарши баллистик ракета учирган, иккаласи ҳам сувга тушган. Кемага зарар етгани ҳақида маълумот келиб тушмаган, у ўз йўлида давом этган.

18-январ куни АҚШ Қуролли кучлари Яманнинг “Ансор Аллоҳ” (хусийлар) ҳаракати томонидан бошқарилувчи ҳудудига янгидан кетма-кет зарбалар берган эди.

2023-йил ноябрида хусийлар Қизил денгиздаги Исроил билан алоқаси бўлган кемаларга ҳужум қилиши ҳақида огоҳлантирган, шу тариқа “ҲАМАС” жангариларини қўллаб-қувватламоқчи бўлган. Январда АҚШ ва Буюк Британия хусийларнинг Ямандаги объектларини оммавий равишда ўққа тутиб, жангариларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилиш қобилиятини йўққа чиқармоқчи бўлди. Американинг Тҳе Неw Ёрк Тимес газетаси маълумотларига кўра, АҚШ ва Британия зарбалари натижасида хусийларнинг ҳужум қобилияти тахминан 30 фоизга пасайган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.