Зеленский: АҚШнинг қарори Украинани “иккинчи Афғонистон”га айланишдан сақлаб қолади
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгрессига Киевга кўп миллиардлик янги ёрдам пакети ҳақидаги қарор учун миннатдорлик билдирди, деб ёзади DW.
“Ушбу ёрдам Украинани мустаҳкамлайди ва Кремлга у иккинчи Афғонистонга айланиб қолмаслиги ҳақида кучли сигнал юборади”, — деди Украина раҳбари 21 апрель куни Американинг NBC News телеканали эфирида.
Шу тариқа АҚШ Украинани қўллаб-қувватлайди, унинг фуқароларини ва бутун дунёдаги демократияни ҳимоя қилади, дея таъкидлади у. “Биз ҳақиқатан ҳам буни (Киевга янги ёрдам маъқулланишини) охиригача етказишимиз керак, — деди Зеленский. — Биз фронтдаги аскарлар учун зарур ёрдамни иложи борича тезроқ қўлга киритишни истаймиз. Олти ойдан кейин эмас”.
Украина президенти сўзларига кўра, АҚШ янги ёрдам пакетини маъқуллаганидан кейин Украинада жанг майдонидаги вазиятни барқарорлаштириб, ташаббусни ўз қўлига олиш имконияти пайдо бўлади, чунки Украина қуролли кучларига янги қурол керак.
“Ўйлайманки, бу кўмак ҳақиқатан ҳам қуролли кучларни мустаҳкамлайди ва агар Украина ҳақиқатан ҳам бизга жуда керак бўлган қурол-яроғ тизимларини қўлга киритса, бизда ғалаба учун имконият бўлади”, — деди у.
Шарҳлар