Швейцария ТИВ: Украина бўйича иккинчи тинчлик саммити Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши мумкин
Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги халқаро хавфсизлик департаменти раҳбари Габриэль Люхингер Украина бўйича янги тинчлик саммити Европада бўлиб ўтмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, саммит ўтказилиши эҳтимоли энг катта бўлган жой Саудия Арабистонидир. У, шунингдек, тадбирга Россияни ҳам жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
“Албатта, Швейцариянинг Россия билан алоқалари бор. Биз бу жараённи ҳозироқ бошлаш учун асос яратдик. Россияни қандайдир тарзда интеграция қилиш кераклиги мутлақо равшан”, — деди Люхингер.
Унинг қўшимча қилишича, ўтган саммитда Хитой иштирок этмаганини муваффақиятсизлик деб ҳисоблаш мумкин. Дипломатнинг шахсан ўзи Хитой билан алоқада бўлиб турган ва унинг иштирокини таъминлашга уринган. “Хитойсиз ечим йўқ. Бюргенштокка уни олиб келолмаганимиздан шахсан ўзимнинг ҳам ҳафсалам жуда пир бўлди. Бу муваффақиятсизлик”, — дея хулоса қилди у.
Аввалроқ Швейцария ТИВнинг коммуникациялар бўлими бошлиғи Николя Бидо Украина бўйича янги саммит АҚШда ноябрдаги президент сайловларигача бўлиб ўтиши мумкинлигини айтганди.
Украина бўйича биринчи тинчлик саммити 15—16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича 80 та мамлакат ва 4 та ташкилот томонидан имзоланган коммюнике эълон қилинди.
Шарҳлар