Ҳиндистон Россиядан унинг армияси билан шартнома тузган ҳинд фуқароларига муддатидан олдин бўшашга рухсат беришни сўради
Ҳиндистон ҳукумати Россиядан мамлакат армияси билан шартномалар тузган ҳинд фуқароларига муддатидан олдин хизматдан бўшашга рухсат беришни сўради, деб ёзади Meduza.
“Бизга маълум бўлишича, Ҳиндистоннинг бир нечта фуқаролари Россия армиясида ёрдамчи ишларга ёлланган. Ҳиндистон элчихонаси Россия масъул идоралари билан уларнинг муддатидан олдин бўшатилиши масаласини муҳокама қилмоқда. Биз барча Ҳиндистон фуқароларини эҳтиёткорлик кўрсатиб, бу низодан узоқда туришга чақирамиз”, — деди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Рандхир Жайсвал.
The Hindu нашри маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида 100 га яқин Ҳиндистон фуқароси Россия армияси билан шартномалар тузган бўлиши мумкин. 20 февраль куни нашр жанговар ҳаракатларда иштирок этишни кўзда тутмаган иш учун рози бўлган камида уч нафар Ҳиндистон фуқароси Россия армияси сафларида жанг қилишга мажбурланган.
2023 йил декабрида Непал Россиядан ўз фуқароларини урушга ёллашни тўхтатишни сўраганди. Мамлакат ТИВ ўша вақтда Украинада олти нафар непаллик ҳалок бўлганини таъкидлаганди.
Январда Непал ҳукумати фуқароларга Россия ва Украинада ишлаш учун рухсатномалар беришни вақтинчалик тўхтатди. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 200 нафаргача непаллик Россия армиясига қўшилган бўлиши мумкин. Непал ТИВ маълумотлари бўйича қарийб 100 нафар мамлакат фуқароси бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Шарҳлар