Индонезияда iPhone 16 сотуви тўхтатилди

Foto: social media

Индонезияда «Apple», «iPhone 16» смартфонлари сотувини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунга сабаб компания томонидан мамлакатда бизнес юритиш учун зарур инвестициявий талабларнинг бажарилмагани кўрсатилган.

«The Wall Street Journal» нашри хабар беришича, таъқиқ фақат «iPhone 16» телефонлари учун амал қилиб, «Apple» компаниясининг бошқа маҳсулотларига тааллуқли эмас. Индонезия саноат вазирлигининг баёнотига кўра, компаниянинг маҳаллий бўлими 1,71 триллион Индонезия рупийси (тахминан 108,7 млн. доллар) миқдоридаги инвестиция мажбуриятларини бажармаган. Ҳозирги вақтда компания сармояси ҳажми талаб қилинган даражадан 240 миллиард рупийга кам.

Индонезия қонунчилиги маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаб, унинг импортга қарамлилигини камайтиришга йўналтирилган. Амалдаги талабларга кўра, хорижий компаниялар Индонезия бозорида ўз маҳсулотларини сотиш имкониятини қўлга киритиш учун сармоя киритиши ёки маҳаллий ходимларни ишга олиши керак.

Индонезиянинг кўп сонли аҳолиси ва уларнинг ошиб бораётган даромади туфайли мамлакат смартфонлар бозори ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.