“Путинистан” китобини ёзган испаниялик мухбир Россиядан қувиб юборилди
Испаниянинг El Mundo газетаси мухбири Хавьер Коласга виза беришни рад этишиб, уни Россиядан чиқариб юборишди, деб ёзади Meduza.
19 март куни кечқурун журналист аллақандай россиялик мансабдордан бир кеча-кундуз ичида мамлакатни тарк этиш талабини олган. Журналистнинг визасини узайтирмаслик қарори нима билан боғлиқ бўлгани ҳақида маълумот берилмаяпти. Эртаси куни Хавьер Колас Россияни тарк этган.
El Mundo газетаси таҳририяти маълум қилишича, бир неча ой аввал Коласнинг Москвадаги квартирасига полициячилар келиб, уни сафарбар қилинган россияликлар рафиқалари иштирокидаги акцияларни ёритишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирган.
Хавьер Колас Россияда 12 йил мобайнида яшаган. У Киевдаги Майдонда юз берган воқеаларни ҳам ёритган, сўнг Қрим ва Донбассга борган. Тўлиқ кўламли уруш бошланган вақтида у Киевда бўлган, у ерда туриб, Испания ОАВлари учун Россия истилосининг илк кунлари ҳақида репортажлар тайёрлаган.
2024 йил февралида Колас замонавий Россияга бағишланган “Путинистан” китобини чиқарган. Унда урушни “Путиннинг лойиҳасига мос келмаган Украинани йўқ қилиш бўйича салб юриши” деб атаган.
Шарҳлар