Исроил “ҲАМАС” билан урушда 571 нафар ҳарбийсини йўқотган

Foto: Global Look Press

2023 йил октябрида низо кучайганидан буён Фаластиннинг “ҲАМАС” ҳаракати билан жангларда Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ)нинг 571 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Times of Israel ЦАХАЛ матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, яқинда Хан-Юнисдаги жангларда 20 ёшли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Яна саккиз нафар ҳарбий ўша ҳудудда яраланган. Ғазо секторида ер усти операцияси бошланганидан кейин ҳалок бўлган исроиллик ҳарбий хизматчилар сони 234 кишига етган.

Нашр эслатишича, 13 февраль куни Қоҳирада Исроил ва “ҲАМАС” ўртасида асирларни озод қилиш учун ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошланди. “ҲАМАС” аъзолари Исроил ўзининг 134 нафар асирлари эвазига ўз қамоқхоналаридан 1,5 минг маҳбусни озод этишини талаб қилмоқда. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 2023 йил ноябрида амал қилган, битта асир эвазига уч нафар фаластинлик маҳбус схемаси бўйича айирбошлашувга рози.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.