Исроил Эрондаги ядро объектларига зарбалар беришга тайёрланмоқда — ОАВ

Foto: Reuters

Исроил Эроннинг ҳар қандай эҳтимолий ҳужумларига жавоб қайтариб Эрон ядро объектларига зарбалар беради. Бу ҳақда Ғарб махсус хизматлари вакили The Sun газетасига маълум қилди.

Саудиянинг Elaph News нашри ҳам 8 апрель куни Ғарб хавфсизлик хизматлари вакилига таяниб, агар Теҳрон Дамашқдаги Эрон элчихонасига уюштирилган ва Ислом инқилоби посбонлари корпусининг етти аъзоси ўлимига сабабчи бўлган ҳужумга жавоб қайтарса, Исроил Эрон ҳудудидаги нишонларга, шу жумладан, ядро объектларига зарбалар бериши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Elaph News суҳбатдошига кўра, сўнгги кунларда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг махфий машғулотларини ўтказмоқда, хусусан, турли қирувчилар ва узоқ масофали дронларни қўллаган ҳолда.

Эронда бир нечта ядро объектлари, шу жумладан, электр станциялар, уран конлари ва тадқиқот реакторлари жойлашган. Улардан бирини кўзлаб берилган ҳужум Яқин Шарқдаги низони мисли кўрилмаган даражада кучайтириб юбориши мумкин, деб ёзади The Sun.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берган, оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг икки нафар генарали ва яна беш аъзоси ҳалок бўлган эди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳужумини қоралаб, уни халқаро ҳуқуқларнинг қўпол равишда бузилиши деб атади. Шунингдек, Эрон жавоб реакцияси кўрсатиш ва “тажовузкорни жазолаш” борасида қарор қабул қилишини билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.