Путиннинг мухтор вакили Россия ҳудудларидаги тошқинларда Қозоғистонни айблади

Фото: РБК

Россия Курган ва Тюмень вилоятларида баҳорги тошқинларга дуч келмаслиги учун, Қозоғистон ўз сув омборлари тизимида сувни келишилган ҳолда оқизиши керак эди. Бу ҳақда Россия президентининг Урал федерал округидаги мухтор вакили Владимир Якушев айтиб ўтди.

“Бизда мана шунақа қиш бўлиб, етарлича миқдорда қоримиз бўлганидан кейин, сув омборида жуда катта сув захираси тўпланади, шундай пайтда сув омборларидан сув оқизиш келишилган ҳолатда, тўғри ва текис бўлиши учун қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан кўпроқ ишлаш керак бўлган жиҳатлар кўп”, — деди Якушев.

Унинг сўзларига кўра, келажакда Қозоғистонда сув оқизишни тўғри йўлга солиш орқали, бир нечта вилоятларда баҳорги тошқинлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслик мумкин бўлади. Ҳозирча эса Курганда “катта сув”га тайёргарлик кўрилмоқда. “Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу тарихий максимум”, — деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.