Исроил Рафах шаҳрига ёппасига зарбалар берди. 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 230 киши яраланди
Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафах шаҳрига ёппасига зарбалар берди, деб хабар қилади Al Mayadeen телеканали. Ҳудуди кичик бўлишига қарамай, у ерда юз минглаб одамлар жанговар ҳаракатлардан бекиниб яшаётганди. Ҳужум оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, яна 230 дан кўпи жабрланди.
Reuters гувоҳларга таяниб ёзишича, тунги кучли бомбардимонлардан кейин шаҳарда оммавий саросима бошланган. Баъзилар Исроил қуруқликда ҳужум бошлаганидан хавотирга тушган.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг жанубий қисми бўйлаб “кетма-кет зарбалар” берганини тасдиқлади. “Зарбалар якунланди”, — дейилади Исроил армиясининг Telegram’га жойланган хабарида.
9 февраль куни Нетаньяху Миср билан чегарадош Рафах шаҳрида ҳарбий операция бошлаш ниятини ошкор қилганди. АҚШ Давлат департаменти вакили Ведант Патель “миллионлаб одам учун бошпана вазифасини ўтаётган ҳудудда режалаштирмасдан ва пухта ўйламасдан туриб, ҳозир шундай операцияни ўтказиш ҳалокатли бўлиши”ни айтганди.
Миср Исроилнинг ниятларига жавобан, тинчлик шартномасини бекор қилишга тайёрлигини билдирди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 7 октябрь куни Исроил ҳудудига Фаластин ҳаракатининг ҳужуми билан бошланганди. 1,2 минг исроиллик ҳалок бўлиб, 5,4 минги яраланди. Исроил бунга жавобан ҳарбий операция ўтказмоқда, қарийб 28 минг фаластинлик ҳалок бўлиб, 67 мингдан зиёди жабрланди. Ғазо секторида ўлдирилганларнинг кўпчилиги — аёллар ва болалардир.
Шарҳлар