Исроил президенти Ғазода гуманитар ишчиларга берилган зарба учун узр сўради

израиль
Фото: Арат медиа

Исроил президенти Ицхак Герцог Ғазо секторига берилган ва World Central Kitchen (WCK) хайрия ташкилотининг етти нафар ходими ўлимига сабабчи бўлган авиазарба учун узр сўради. Бу ҳақда президент офиси баёнот тарқатди, деб ёзади BBC.

Герцог WCK’га раҳбарлик қилувчи америкалик бош ошпаз Хосе Андрес билан боғланиб, одамларнинг фожиали равишда ҳалок бўлгани юзасидан ҳамдардлик билдирган ва узр сўраган.

Авиазарба оқибатида ҳалок бўлганлар Британия, Польша, Австралия, Канада ва АҚШ фуқаролари бўлиб, ушбу мамлакатлар ҳужумни қоралаб, Исроилдан суриштирув ўтказишни талаб қилган эди.

Ҳужумдан кейин Ғазо секторига асосий озиқ-овқат етказиб берувчилардан бири бўлган WCK ўз фаолиятини тўхтатган ва секторга гуманитар ёрдам етказиб бериш яна муаммо остида қолган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.