Исроил ХАМАСга ўт очишни тўхтатиш тўғрисида ултиматум қўйди
Исроил ХАМАС террорчилик гуруҳига ултиматум қўйиб, бир ҳафта ичида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш ва исломчилар томонидан гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Бу ҳақда DW The Wall Street Journal нашрига асосланиб хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, агар ХАМАС келишувдан бош тортса, Исроил Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Рафаҳ шаҳрига олдин эълон қилинган ҳужумни бошлаши билан таҳдид қилган. Исроил бу аҳоли пунктини террористик гуруҳнинг сектордаги сўнгги таянчларидан бири деб атайди.
Май ойининг биринчи дам олиш кунлари Қоҳирада Исроил томонидан илгари таклиф қилинган Ғазо секторида 40 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар давом этади. Бунга жавобан ХАМАС жангарилари 7 октабрm куни Исроилга қилинган ҳужумдан кейин гаровда қолган 30-40 нафар исроилликни озод қилишлари керак.
2023 йил ноябридаги қисқа муддатли оташкесим сингари, фаластинлик маҳбуслар ҳам Исроил қамоқхоналаридан озод этилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, деб ёзади WSJ, Хамас доиралари келишувга “ижобий” жавоб беришга умуман тайёр, бироқ гуруҳнинг ҳарбий қаноти раҳбари Яҳё Синварнинг якуний қарорини кутмоқда. У Ғазо сектори остидаги ер ости туннелларида яширинган деб ишонилади ва ундан Исроил таклифларига ҳеч қандай жавоб бўлмаган.
Апрел ойи ўрталарида Американинг CNN телеканали ХАМАС вакиллари 40 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ғоясини рад этиб, олти ҳафталик ўт очишни тўхтатиш даврида икки баравар кўп одамни озод қилишни таклиф қилгани ҳақида хабар берди.
Шарҳлар