Италия Афғонистоннинг Бомиён вилоятида ғор аҳолиси учун 100 та уй қурмоқчи

Фото: central asia

Италиянинг Венто ташкилоти ва Флоренция университети Афғонистоннинг марказий қисмида жойлашган Бомиён вилоятида ғор аҳолиси учун 100 та замонавий уй қуради.

Лойиҳанинг қиймати 100 минг долларга баҳоланмоқда, иш яқин орада бошланади. Қурилиш ишлари вилоят шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиш бошқармасининг тўлиқ назорати остида бўлади.

“Шу билан биргаликда, италияликлар Бомиён марказидаги Заргарон шаҳарчасини ҳам модернизация қилишини маълум қилдилар. Режага йўллар, кўчалар ва сув назоратини яхшилаш киради”, – дейди расмийлар.

Бомиён расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 700 га яқин оила ғорларни уйи деб ҳисоблайди. Ғорлар қумтош қояларига ўйилган улкан Будда уялари атрофида жойлашган ва одамлар уларда юзлаб йиллардан буён яшамоқда. Дастлаб, ғорлардан медитация ва ёлғизлик учун фойдаланилган, аммо кейинчалик бу ерда оддий уй-жой сотиб олишга қурби етмаганлар жойлашган.

Аввалги Афғонистон ҳукумати даврида Бомиёнга ғор аҳолисини жойлаштириш дастури мавжуд эди. Кейин маҳаллий маъмурият қояларда яшовчи 10 минг оиланинг 9 мингдан ортиғини жойлаштиришга муваффақ бўлган.

 

Тайёрлади: Anhor.uz амалиётчи мухбири, Ўз ЖОКУ 4-босқич талабаси Содиқжонова Ёқутхон

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.