,

Яна коронавирус: қозоғистонликлардан ниқоб режимига ўтиш сўралмоқда

Фото: Tengrinews

Қозоғистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Энг кўп ҳолатлар Олмаота ва Остонада қайд этилган, деб хабар беради Tengrinews.

2024 йил январида ўтган йилнинг декабрига нисбатан коронавирус билан касалланиш ҳолатлари 2,5 марта ортган: декабрда 187 кишида касаллик аниқланган бўлса, январда — 477 киши касалланган. Шуларнинг 143 таси Олмаота, 74 таси Остона улушига тўғри келади, дейилади мамлакат ССВ Санитар-эпидемиологик назорат қўмитаси хабарида.

Шу билан бирга, таъкидланишича, чеклов чораларини киритиш режалаштирилмаяпти. Аммо сўнгги бир ой ичида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани ҳамда ЎРВИ ва грипп мавсуми давом этаётганини ҳисобга олган ҳолда, кўп одамлар йиғилган биноларда, жамоат транспортида, тиббий ташкилотларга борганда, беморлар билан мулоқот чоғида ниқоб тақиш тавсия этилди.

Нашр эслатишича, Парламент Мажлисида коронавирус бўйича вазиятни ҳисобга олган ҳолда ниқоб режими киритилди. 7 февралдан эса мажлислар ва бошқа оммавий тадбирлар онлайн форматга ўтказилмоқда ёки қатъий ниқоб режими ва санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда.

Шунингдек, аввалроқ Мажлис спикери Ерлан Кошанов ва президент маслаҳатчиси Канат Бозумбаев коронавирусга чалинганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.