Эрон Дамашқдаги элчихонасига Исроил томонидан ҳужум қилингач, жавоб зарбаси бериш ҳуқуқи борлигини билдирди
Эрон Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужум учун Исроилга қатъий жавоб қайтариш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси БМТ бош котиби ва Хавфсизлик кенгаши раисига юборган хатда айтилади.
Дипломатик миссия Исроилнинг хатти-ҳаракатларини террорчилик ҳужуми деб атаб, у БМТ уставига зид эканини таъкидлади. Шунингдек, хатда ҳужумни қоралаш ва воқеа юзасидан Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиш сўралди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса зарба учун масъулиятни АҚШнинг зиммасига юклади, чунки у, Теҳрон қайд этишича, “сионистик режим” тарафдоридир.
Эслатиб ўтамиз, Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига зарба берди, оқибатда Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК)нинг “Ал-Кудс” бўлинмаси командири генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлди. Яна бир генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва корпуснинг бошқа беш аъзоси ҳам ҳалок бўлди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши 2 апрель куни ушбу ҳужумга бағишланган мажлисини ўтказади.
Шарҳлар