Жефф Безос дунёнинг энг бой одамлари рейтингида Илон Маскдан ўзиб кетди
Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос Bloomberg талқини бўйича дунёнинг энг бой одамалри рейтингида етакчилик қилди, деб ёзади “РБК”. У саккиз ой мобайнида рўйхатда биринчи ўринни эгаллаб келган Tesla, SpaceX ва Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маскдан ўзиб кетди.
Бунга Tesla акциялари қиймати 7 фоиздан кўпроқ пасайиб кетгани сабаб бўлди. Безоснинг давлати 200 миллиард доллар, Маскники эса 198 миллиард долларга баҳоланмоқда. Bloomberg октябрда Amazon асосчиси капитали қийматини 156 миллиард долларга баҳолаганди.
Рейтингнинг учинчи поғонасида LVMH гуруҳи эгаси Бернар Арно жойлашди, унинг бойлиги 197 миллиард долларга тенг. Тўртинчи ўринда — 179 миллиард доллар билан Meta раҳбари Марк Цукерберг бормоқда. Microsoft асосчиси Билл Гейтс эса бешинчи ўринни эгаллади, унинг капитали 150 миллиард долларга баҳоланди.
Дунёнинг энг бой одамлари ўнлигига, шунингдек, Microsoft собиқ бош ижрочи директори Стив Балмер (143 миллиард доллар), Berkshire Hathaway асосчиси Уоррен Баффет (133 миллиард доллар), Oracle асосчиларидан бири Ларри Эллисон (129 миллиард доллар) ҳамда Google асосчилари Ларри Пейж (122 миллиард доллар) ва Сергей Брин (116 миллиард доллар) ҳам кирди.
Жефф Безос сайёранинг энг бадавлат одами номини 2017—2020 йилларда сақлаб келган. 2021 йил январида Маск биринчи марта энг бой одамлар рўйхатида етакчилик қилган. Шундан кейин Безос ўша йил февралида икки мартагина етакчиликни қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Шарҳлар