Эрон базаси денгизда бўлган баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди
Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) биринчи марта базаси кемада бўлган узоқ масофали баллистик ракетани учирди, деб ёзади “Коммерсантъ” ИИПК кучлари қўмондони Ҳусайн Саломийга таяниб. Унинг таъкидлашича, муваффақиятли синов ИИПКнинг жанговар қобилиятини аҳамиятли даражада оширган.
“Узоқ масофали баллистик ракета ИИПК ҳарбий-космик кучлари ва ҳарбий-денгиз кучларининг қўшма машғулотлари чоғида ҳарбий кемадан муваффақиятли тарзда учирилди”, — деди Ҳусайн Саломий матбуот анжуманида.
Унинг қайд этишича, бундай қурол-яроғни ҳисобга олган ҳолда, ИИПК “дунёнинг турли бурчакларидаги ҳар қандай нишонларни” йўқ қилиши мумкин.
Теҳрон баллистик ракеталардан Ироқ ва Суриядаги нишонларга зарбалар беришда фойдаланганди. Хусусан, 16 январь куни ИИПК Сурияда ИШИД жангарилари марраларига ҳужум қилган, бу 3 январь куни Эроннинг Кармана шаҳридаги терактга жавобан амалга оширилган эди. Портлашлар оқибатида 84 киши ҳалок бўлиб, 284 киши жабрланганди.
Шарҳлар