Эрон билан вазият кескинлашгани туфайли, Покистон бош вазири Давосга ташрифини шошилинч якунлади
Покистон муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Анвар-ул-Ҳақ Какар Эрон билан муносабатлар кескинлашгани туфайли, Давосдаги иқтисодий форумга ташрифини шошилинч якунлади, деб хабар беради The News International. Daily Pakistan манбаларига кўра, Исломободда вазир Покистон-Эрон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади.
Швейцариянинг Давос шаҳридаги тоғ-чанғи курортида бутунжаҳон иқтисодий форум 15-январ куни очилганди. Унда 120 дан ортиқ мамлакат, шу жумладан, Покистон вакиллари ҳам қатнашмоқда. Анвар-ул-Ҳақ Какарнинг ташрифи 22 январ куни якунланиши керак эди. Бироқ вазир Эрон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилиш учун 17 январ куни Покистонга қайтишга қарор қилди. Парвозлар жадвали туфайли Швейцариядан шу куниёқ учиб кета олмаган, чунки у ерга тижорий рейс билан борган, деб ёзади The News International.
16 январ куни Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (Эрон Қуролли кучлари таркибига киради) Ироқ, Сурия ва Покистондаги объектларга зарбалар берган эди. Теҳрон даъво қилишича, Покистондаги нишонлар “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳи бўлган. Бағдод ва Исломобод Теҳрондан ўз элчиларини чақириб олди.
Бугун, 18 январь куни эса Покистон Эрон ҳудудига ҳужум қилиб, жавоб зарбаларини берди. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, террорчилар бекиниб олган объектларга ҳужум қилинган. Эрон ОАВларига кўра, уч аёл ва тўрт нафар ёш бола ҳалок бўлган, зарбалар ракета ва учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида амалга оширилган.
Шарҳлар