Эрон Ер орбитасига тадқиқотчи сунъий йўлдошни чиқарди
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг аэрокосмик кучлари Chamran-1 тадқиқотчи сунъий йўлдошини учирди. У орбитага Qaem-100 ташувчиси орқали чиқарилди, дея хабар беради Эроннинг IRNA агентлиги.
Сунъий йўлдош Эроннинг бир нечта компаниялари томонидан ишлаб чиқилган ва оғирлиги тахминан 60 кг. У Ердан 550 км баландликка кўтарилган ва бир неча соатдан сўнг биринчи сигналларни юбора бошлаган. Унинг асосий вазифаси «орбитал манёвр технологиясини текшириш учун аппарат ва дастурий таъминотни синаб кўриш». У совуқ газда ҳаракатланиш кичик тизимларининг ишлашини, шунингдек, навигация ва бошқарув кичик тизимларининг ишлашини баҳолаши керак.
Охирги марта ИИҚК аэрокосмик кучлари январь ойида Эроннинг Sorayya сунъий йўлдошини орбитага олиб чиққан эди. Сунъий йўлдошни учириш учун 100 кг гача юк кўтаришга қодир бўлган Qaem-100 ракетасидан фойдаланилган, сунъий йўлдош 750 км баландликда орбитага етиб борган.
Шарҳлар