Эшитиш қобилиятида муаммолар бўлган инсонлар қандай қийинчиликларга дуч келадилар?
23-сентябрдан 29-сентябргача Халқаро қулоғи оғирлар ҳафталиги бўлиб ўтди. Турли мамлакатларда эшитиш қобилияти бузилган инсонлар ҳар куни дуч келадиган муаммолар ҳақида халқаро ҳамжамият хабардорлигини оширишга қаратилган мавзуға оид тадбирлар ўтказилди.
ЖСТТнинг маълумотларига кўра, 2050-йилга келиб тахминан 2,5 миллиард одам у ёки бу даражада эшитиш қобилиятини йўқотишдан азият чекади, 700 миллион инсон эса эшитиш қобилияти бузилганлиги туфайли реабилитацияга муҳтож бўлади.
Ўзбекистон карлар жамияти маълумотига кўра, мамлакатида деярли 60 мингта эшитиш қобилияти паст инсонлар мавжуд.
Ўзбекистонда қулоғи оғирлиги сабабли ногиронлиги бор инсонларга катта аҳамият берилади. Эшитиш ва нутқ қобилиятида бузилишлар бўлган инсонларнинг саводини ошириш, уларга кўрсатилаётган таълим сифатини такомиллаштириш учун 2022-йил 20-октябрда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган. 2023-йил 1-январдан бошлаб ўрта таълим муассасалари ва “Ишга марҳамат” мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайл алифбосини ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Кўриш, эшитиш ва нутқ қобилияти бузилган инсонлар, шунингдек, шу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки васийлари учун машғулотлар бепул асосда ўтказилади. Шунингдек, ҳужжатда эшитиш ва нутқ қобилияти бузилган абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топширишда мажбурий тартибда сурдо-таржимон хизматлари билан таъминланади. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида эшитиш ва нутқ қобилиятида муаммолар бўлган шахсларни ижтимоий кузатиш бўйича диспетчерлик хизмати туну-кун фаолият юритади. У кар ва эшитиши паст даражада бўлган шахсларнинг мурожаатларини видео-чақирув ва матнли кўринишда қабул қилади.
Эшитиш қобилияти бузилган инсонлар орасида истеъдодли инсонлар талайгина. Улар спорт соҳасида ҳам юқори даражада маҳорат кўрсатиб, медалларга сазовор бўлмоқдалар. Бу йил Бишкекда (Қирғизистон) бўлиб ўтган таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Шоҳруз Абдураҳмонов ва Дилбар Тожибоева, Муҳаммад Усмонов биринчи ўринларни эгаллашди. Туркистонда (Қозоғистон) бўлиб ўтган дзюдо бўйича чемпионатда Шаҳбозжон Шоимов шоҳсупа чўққисига чиқди. Эшитиш қобилияти бузилган ҳамюртимиздан шахматчиларимиз Сербиядаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашди. Марсел Шоюсупов биринчи ва Илтифот Абдулмажидова иккинчи ўринни эгаллади.
Яратилган қулай шароитлар ва имкониятлар билан бир қаторда эшитиш қобилияти бузилган шахслар дуч келаётган муаммолар ҳам ҳануз мавжуд.
“Юксалиш” ҳаракати шу тоифадаги инсонлар ўртасида сўровнома ўтказди.
Унда Ўзбекистонда яшаётган 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган эшитиш қобилияти бузилган ногиронлиги бўлган шахслардан 102 киши иштирок этди. Жумладан, респондентларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 53,9% ишлаётган фуқаролар бўлиб, шу қаторида саволларга жавоб берган талабалар (19,8%), пенсионерлар (11,8%) ва ишсизлар (14,7%)ни ташкил этди.
Респондентларнинг умумий сонидан имо-ишора тилидан фойдаланишдаги қийинчиликларга ҳар доим дуч келганлар 34,3%, кўпинча – 21,6%, баъзан 31,4%, камдан-кам 6,9% ва ҳеч қачон дуч келмаганлар 5,9% ни ташкил этди.
Бунда респондентларнинг 55,9% мулоқот учун технологиялардан фойдаланишини айтган. Респондентларнинг 26,5% ўқув материаллари очиқлигини, 39,2% эса уларни олиш қийинлиги, 34,3% умуман бу материалларни ололмаслигини таъкидлаган.
Ихтисослашган мактаблардаги ўқувчиларнинг 52,9% шароитлар ўртача, 24,5% – яхши, 11,8% – аъло, 10,8% эса ёмон, деб баҳолаган.
Ишга жойлашиш жамиятга интеграциялашувнинг яна бир муҳим босқичи ҳисобланади. Ишга жойлашиш шарт-шароитлари бўйича 7,8% респондент аъло, 18,6% – яхши, ярмидан кўпи – 51,5% эса уларда ҳамма имкониятлар ҳам берилмаганлигини таъкидлаган ва 22,5% респондент ишга жойлашишнинг имкони йўқлигини айтган.
59,8% респондент тиббий хизматлар ҳар доим ҳам очиқ эмас, деб ҳисоблайдики, бу соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ўрганишга алоҳида ёндашишни талаб этади. Ижтимоий фаоллик учун имкониятларни 49% респондент яхши, 39,2% – чекланган деб баҳолаган ва 11,8% имконият йўқлигини айтган.
Сўровнома эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар турмушнинг турли соҳаларида ҳануз қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатади. Асосий муаммолар алоқа, таълим, технологиялар, тиббий хизматлар очиқлиги ва ишга жойлашиш имкониятлари билан боғлиқ.
Респондентларнинг жавоблари асосида ишлаб чиқилган таклифлар
Технологиялар очиқлигининг таъминланиши эшитиш қобилияти бузилган шахсларнинг турмушига сезиларли таъсир кўрсатиб, уларнинг мулоқот қилишини осонлаштиради, маълумотларга йўл очилишини яхшилайди ва таълим олиш ҳамда ишлаш учун янги имкониятлар тақдим этади. Тиббий хизматлар соҳасида ҳам, ихтисослашган мактабларда ҳам эшитиш қобилияти бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга хизматлар тақдим этишнинг очиқлигини чуқур ўрганиш зарур. Эшитиш бўйича муаммоси бўлган инсонларга мослаштирилган дарсликлар яратиш ва имо-ишора тилида ўқитиш сифатини яхшилашни давом эттириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринлари яратиш ёки уларни ишга оладиган иш берувчилар учун имтиёзларни кенгайтириш зарур. Эшитиш қобилияти бузилган инсонлар дуч келадиган муаммолар, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида жамиятни хабардор қилиш алоҳида аҳамиятга эга.
Бу йўналишда кўриладиган чора-тадбирлар нафақат эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмушини яхшилашга, балки уларнинг жамиятга интеграциялашувига кўмак беради.
Шарҳлар