Сеул: КХДР Россиянинг ёрдами билан жосус сунъий йўлдош учиришга тайёрланмоқда
Шимолий Корея Японияни 4 июнга қадар коинотга сунъий йўлдош учириши ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда 27 май куни Япония қирғоқ соқчилиги маълум қилди, деб ёзади DW. КХДР билдиришномасида Корея ярим ороли ва Филиппиннинг Лусон ороли яқинидаги элтувчи ракета бўлаклари қулаши мумкин бўлган учта хавфли ҳудуд белгилаб қўйилган.
Аввалроқ Жанубий Корея ҳукумати КХДР ўзининг иккинчи ҳарбий жосус сунъий йўлдошини орбитага чиқармоқчи дея маълум қилган эди. Сеул маълумотларига кўра, ушбу сунъий йўлдошни ишга туширишда Шимолий Кореяга Россия ёрдам беради, бу Пхеньян Москвага унинг Украинага қарши урушида берган кўмакка жавоб бўлади. Жанубий Корея ва Америка разведкаси парвозга тайёргарликни диққат билан кузатмоқда, дея маълум қилди Сеул.
“Рёнхап” агентлиги жанубий кореялик мансабдорга таяниб ёзишича, жосус сунъий йўлдошларни учиришда ёрдамлашиш учун КХДРга Россиядан кўплаб мутахассислар етиб келган.
КХДР жосус сунъий йўлдошини бундан аввал ноябрда учирган ва 2024 йилда орбитага яна учта шундай қурилма жойлаштиришга ваъда берган эди. Жанубий Корея эса ўзининг илк разведкачи сунъий йўлдошини январда учирганди.
Шарҳлар