Юлия Навальная «Путинга қарши чошгоҳ» акциясига якун ясади

Юлия Навальная
Фото: REUTERS/Johanna Geron

Юлия Навальная «Путинга қарши чошгоҳ» акциясига якун ясади ва «кунига ҳеч бўлмаганда 15 дақиқа вақтни режимга қарши курашишга бағишлаш»га чақирди. Мурожаат Алексей Навальнийнинг YouTube каналида эълон қилинган.

«Сайловлар ўтди. Лекин ҳамма Путинга қанча фоиз «қўшиб берилгани» ёки унинг «сохта номзодлари» қанча овоз тўплаганини эмас, балки сизларни муҳокама қиляпти. Сизлар – Кремль «овоз бериш» деб ном берган бу тадбирнинг ғолибларисиз. Бутун Россия бўйлаб жасоратли, эркин ва адолатли одамлар, сизлар жуда кўпчиликсиз ва  чошгоҳ пайтида Путинга қарши сайлов участкаларига келдингиз. Мен ҳар бирингизга миннатдорчилик билдираман. Бу ҳукуматда ҳашаматли уйлар, яхталар, миллиардлаб ўғирланган пуллар, армия ва ташвиқот бор, лекин энг асосийси – Россияни севиш ва мамлакатимизни яхшилаш истаги йўқ. Бу сизларда бор», – деди Юлия Навальная.

Навальная тарафдорларини «кучларни йиғиб олиш» ва «аввалгидан ҳам яхшироқ ишлаш»га чақирди. У Алексей Навальнийнинг «ҳар куни режимга қарши 15 дақиқа кураш олиб бориш» формуласини эслатди.

«Бу биз  ўзимизга вазифа қилишимиз керак бўлган нарса. Ҳар куни камида шу 15 дақиқадан фойдаланиб, бир неча қатор ёзиш, биров билан гаплашиш, бировни ишонтириш ва охир-оқибат ўз қўрқувимизни енгишимиз лозим», – деди Навальная.

Юлия Навальная якшанба куни Берлинда ўтказилган «Путинга қарши чошгоҳ» акциясига келганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.