Россиянинг Белгород ва Калуга вилоятларига дронлар ва “Град” снарядлари билан ҳужум қилинди
Россиянинг Белгород ва Калуга вилоятларида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари “Град” баравар ўқ отиш ракета тизимининг иккита снарядини ва бешта учувчисиз учар қурилмани тутиб олди ва йўқ қилди, деб хабар беради Россия Мудофаа вазирлиги.
Идора аниқлик киритишича, дронларнинг барчаси самолёт турида бўлган.
Россия ҳудудлари сўнгги бир неча кунлардан буён кенг кўламли дронлар ҳужумига учрамоқда. Аввалроқ Мудофаа вазирлиги Белгород ва Курск вилоятларида бир кечада 14 та дрон уриб туширилганини маълум қилганди. Белгород губернатори Вячеслав Гладков вилоятга учиб келаётган саккизда ҳаво нишони йўқ қилинганини айтганди. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган.
Бундан ташқари, Украина қўпорувчилари Белгород ва Кусрк вилоятининг чегарага туташ ҳудудларига бостириб киришга уринаётгани хабар берилмоқда.
Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов қўпорувчилик гуруҳлари Россиянинг чегара яқинидаги Курск ва Белгород вилоятларини “фаол жанговар ҳаракатлар зоналари”га айлантириб юборганини айтган эди.
Шарҳлар