Камала Харрис АҚШ президентлигига номзодини қўйиш учун курашишга рози бўлди
АҚШ вице-президенти Камала Харрис Демократик партиядан президентликка номзодини қўйишга эришишини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унинг номзодини президентлик пойгасидан чиқишга қарор қилган давлат раҳбари Жо Байден қўллаб-қувватлади.
Харрис Байденнинг оқ фотиҳасини олиш унинг учун шараф эканини таъкидлади. “Ушбу номзодликка лойиқ эканимни кўрсатиб, уни қўлга киритмоқчиман. Демократик партияни — миллатимизни бирлаштириб, Дональд Трампни енгиш учун бор имкониятимни ишга соламан”, — дейилади вице-президентнинг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 81 ёшли Жо Байден президентлик сайловидан ўз номзодини олиб ташлашини 21 июль куни эълон қилди.
Камала Харрис 59 ёшда. У узоқ йиллар давомида прокуратурада ишлаган, Калифорния штати бош прокурори ҳам бўлган. 2016 йилда АҚШ Конгресси Сенатига сайловларда ғолиб бўлган, 2019 йилда Демократик партия праймеризида қатнашиб, президентликка номзодини қўйган. Сўнг номзодини олиб ташлаб, Жо Байденни қўллаб-қувватлаган. 2021 йилда илк қора танли аёл вице-президентга айланган.
Шарҳлар