Канада Россиянинг 153 та ташкилотига нисбатан санкциялар киритди
Канада Россия жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан янги санкциялар жорий қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Санкциялар 153 та корхона ва 10 нафар шахсга қарши киритилди. Хусусан, “АльфаСтрахование” ва “РEСО-Гарантия” санкцияларга учради. 23 февраль куни Россия қўшинлари Украинага киритилганига икки йил тўлгани муносабати билан АҚШ ва Евроиттифоқ Россияга қарши санкциялар киритганди.
Канада санкциявий рўйхатига Россия президенти ёрдамчиси Игорь Левитин ва унинг укаси Леонид Левитин; Россия Шахмат федератсияси Андрей Филатов; С.В. Илюшин номидаги авиация мажмуаси, “Алмаз-Антей” концерни (ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мажмуаларини чиқаради), “Русские вертолётние системи” компанияси, “Патриот” ҳарбий-ватанпарварлик парки, “Санкт-Петербург” банки, Мудофаа вазирлигининг “Красная звезда” газетаси таҳририяти ва бошқалар кирди.
Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетини эълон қилди. Қора рўйхатга яна 106 нафар жисмоний ва 88 нафар юридик шахс кирди. Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Европа институтлари ва Евроиттифоқ фуқароларига нисбатан “стоп-рўйхат” кенгайтирилишини маълум қилди. АҚШ Россия молия секторига, мудофаа-саноат мажмуасига, шунингдек, марҳум Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар ҳақида эълон қилди.
Шарҳлар