Қирол Карл III омма олдидаги фаолиятига қайтади
Буюк Британия қироли Карл III келаси ҳафта оммавий фаолиятига қайтади. Бу ҳақда Букингем саройи расмий вакили маълум қилди.
Британия монархи канцелярияси баёнотида айтилишича, шифокорлар ундаги онкологик касалликни даволаш жараёнининг боришидан мамнун ва унинг соғайиб кетиш истиқболлари юзасидан оптимизмга тўла.
Ҳозирча гап унинг қирол сифатида ўз вазифаларини бажаришга тўлиқ кўламда қайтиши ва барча тадбирларда иштирок этиши ҳақида бормаяпти, аммо Букингем саройи баёноти воқеаларнинг ижобий ривожидан дарак бермоқда.
75 ёшли Карл III да саратон аниқлангани ҳақида Букингем саройи 5 февраль куни маълум қилганди. Касалликнинг турига аниқлик киритилмади. Аммо мамлакат бош вазири Риши Сунак ташхис илк босқичда қўйилганини айтди.
Эртаси куни — 6 февралда монарх билан учрашиш учун Британияга унинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри учиб келди. У 2020 йилда рафиқаси Меган Маркл билан қироллик ваколатларидан ўзини соқит қилиб, АҚШга кўчиб кетганди.
8 феврал куни эса қиролича Камилла турмуш ўртоғи даволаниш курсини бошлаганини ва ўзини жуда яхши ҳис қилаётганини билдирди.
Карл III 2022 йил сентябрида онаси Елизавета II нинг ўлимидан кейин тахтга ўтирган эди.
18 март куни қирол Карл III нинг ўлими ҳақида баъзи оммавий ахборот воситалари Букингем саройидан келган хабарга асосланиб маълумотлар тарқатди. Бироқ, кейинчалик қироллик қароргоҳи матбуот хизмати бу даъволарни рад этиб, монарх тирик эканлигини ва расмий ва шахсий фаолият билан шуғулланишда давом этаётганини тасдиқлади.
Шарҳлар