,

КХДРда Жанубий Корея фильмларини кўрган ўсмирлар 12 йилга сургун қилинди

Фото: Getty Images

Шимолий Кореяда икки нафар 16 ёшли ўсмир Жанубий Корея фильмларини ва мусиқий клипларини томоша қилгани учун 12 йиллик сургунга ҳукм қилинди, деб ёзади BBC корейс таҳририяти South and North Development (SAND) тадқиқот институти томонидан тақдим этилган видеога таяниб.

2022 йилда тасвирга олингани тахмин қилинаётган кадрларда омма олдидаги очиқ суд жараёни акс этган. Кулранг халат кийган икки ўспиринга қўл кишанлари тақилган. Иштирокчиларнинг барчаси, шу жумладан ўсмирларнинг ўзи ҳам ниқоб тақиб олган, бу эса кадрлар COVID пандемияси чоғида олинган, деб тахмин қилиш имконини беради.

Шунингдек, видеоёзувнинг бошқа бир қисмида йигитчалар “ўз хатоларига иқрор бўлмагани учун” стадионда тўпланган одамлар қаршисида койиб, танбеҳ берилаётганини кўриш мумкин.

“Чириган қўғирчоқ режими маданияти ҳатто ўспиринларга ҳам амал қилмоқда. Улар бор-йўғи 16 ёшда, бироқ аллақачон ўз келажакларини барбод қилиб бўлди”, — дейилади видеода Жанубий Корея назарда тутилиб.

Авваллари Жанубий Корея фильмларини томоша қилиш ва мусиқаларини эшитиш бўйича тақиқни бузган ўсмирлар ёшлар меҳнат лагерларига жўнатиларди, жазо муддати эса беш йилдан ошмасди. Аммо 2020 йилда КХДРда қабул қилинган қонунга мувофиқ, бундай хатти-ҳаракатлар учун ҳатто ўлим жазосигача бўлган жазолар кўзда тутилган.

Шимолий Кореядан келган қочоқлардан бири нашрга маълум қилишича, Америка фильмларини кўрганлик учун пора бериб қутилиш мумкин, бироқ Корея фильмлари билан қўлга тушса, бу уларнинг ҳаётига таҳдид қилиши мумкин. Қочоқ айтиб беришича, бир пайтлар Жанубий Корея мусиқасини тинглаб, ушбу мамлакат фильмларини дўстига узатган 22 ёшли йигит отиб ўлдирилганига гувоҳ бўлган.

“Жанубий Корея жамиятига ҳавас кўзи билан қараш тез орада тизимнинг заифлашувига олиб келиши мумкин… Бу эса шимолий кореяликларни Кимлар оиласини ҳурмат қилишга мажбурловчи мафкурага зиддир”, — дея аниқлик киритди SAND бош директори, Токио университети сиёсатшунослик доктори, 2001 йилда Шимолий Кореядан қочиб кетган Чой Кён Хи.

Унинг тахмин қилишича, видеоёзув 2022 йилда монтаж қилинган. Шимолий Корея ҳукуматини шу нарса хавотирга солмоқдаки, дея фикр билдирди у, зумерлар ва миллениаллар “ўз фикрлаш услубини ўзгартирган”, шу сабабли Пхеньян шундай чоралар кўрмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.