Киев Оқ уйни Залужнийни ишдан бўшатиши ҳақида хабардор қилди. АҚШ бу қарорни қўллаб-қувватламади
Украина ҳукумати АҚШ президенти маъмуриятини Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатмоқчи экани ҳақида хабардор қилди, деб ёзади The Washington Post ўз манбаларига таяниб.
Уларнинг айтишича, Оқ уй вакиллари бу қарорни қўллаб-қувватламаган, аммо Валерий Залужнийнинг эҳтимолий истеъфосига қарши ҳам чиқмасдан, бу Зеленскийнинг суверен танлови эканини билдирган.
Вашингтоннинг олдиндан огоҳлантирилиши Оқ уйга Украина ҳукуматидан ўз қарорини қайта кўриб чиқишни сўраши учун имконият яратди.
Украина президенти ҳозирча Валерий Залужнийнинг истеъфоси ҳақида буйруқ имзолаганича йўқ. Зеленский бу мавзуни 2 февраль кунги мурожаатида ҳам кўтармади. CNN телеканали аввалроқ Залужний шу ҳафта охиригача, яъни 4 февралгача ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Украина ОАВлари 29 январь куни кечқурун Валерий Залужний Украина ҚК бош қўмондони лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ёза бошлади. Бир қатор манбалар Залужнийнинг истеъфоси ҳақида келишилгани, аммо ҳозирча буйруқ билан расмийлаштирилмаганини маълум қилган бўлса, бошқалари буйруқ имзолангани, бироқ оммага эълон қилинмаганини даъво қилди.
2023 йил кузидан буён Украина ва чет эл ОАВларида гўёки Зеленский ва Залужний ўртасида бўлган зиддиятлар муҳокама қилинмоқда. Украина президенти офиси зиддиятларни рад этди, у ҳақдаги мишмишларни эса Россия олиб бораётган ахборот урушига йўйди.
Аввалроқ Залужний Зеленскийга уруш боши берк кўчага кириб қолганини билдирганди.
Шарҳлар