,

Ким Чен Ин Жанубий Кореяни босиб олиш кераклигини айтди

Фото: EPA

Шимолий Корея Жанубий Кореяни биринчи рақамли душман мамлакат деб тан олиши ва уруш юз берган тақдирда унинг ҳудудини тўлиқ эгаллаб олиш ҳақидаги мажбуриятни конституцияда белгилаб қўйиши керак. Бу ҳақда КХДР етакчиси Ким Чен Ин халққа қаратилган мурожаатида айтиб ўтди, деб ёзади Yonhap.

“Корея ярим оролида уруш бошланган тақдирда Корея Республикасини тўлиқ истило қилиш, бостириш ва унинг устидан назорат ўрнатиш ҳамда унинг ҳудудини республикага (КХДРга — таҳр.) бўйсундириш масалаларини ҳисобга олиш зарур”, — деди Ким Пхеньянда Олий халқ мажлиси (парламент) навбатдаги сессияси очилишида нутқ сўзлар экан.

Унинг даъво қилишича, КХДР Жанубий Кореяни ярашиш ва бирлашиш учун шерик деб ҳисоблашдан бош тортиши керак, шунингдек, ўз таълим дастурларига ўзгартиришлар киритиб, барча шимолий кореяликларда Корея Республикасига нисбатан биринчи рақамли душман мамлакат ва ўзгармас бош душман деган муносабатни шакллантириш зарур.

Шундан келиб чиқиб, Ким Чен Ин Кореялараро ярашув рамзлари сифатида баҳолаш мумкин бўлган тарих қолдиқларини демонтаж қилиш бўйича чоралар кўришни буюрди. Шунингдек, у 2001-йилда Пхеньянда мамлакат марҳум асосчиси Ким Ир Сен томонидан таклиф этилган, федератив асосда Корея билан бирлашув бўйича режа шарафига барпо этилган Бирлашув аркасини демонтаж қилишни ҳам талаб этди.

Ядро қуроли ҳақида гапирар экан, Ким Чен Ин унинг мамлакати урушдан қочмаслигини айтди, аммо унинг сўзларига кўра, провокация бўлмаса, КХДР бир томонлама тартибда қуролли низони бошламоқчи ҳам эмас.

“Агар Жанубий Корея ҳудудимизга, ҳаво ва сув маконимизга ҳатто мингдан бир миллиметр ўтиб кирса ҳам, биз буни уруш учун провокация деб қабул қиламиз”, — деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.