,

“Эмми-2023” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Фото: Getty Images

АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳрида 75-“Эмми” телевизион мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Энг яхши драматик сериал сифатида “Ворислар” (Succession) тан олинди. Ушбу сериалда бош ролларни ижро этган Сара Снук ва Киран Калкин драматик сериалдаги энг яхши актриса ва актёр деб эътироф этилди. “Ворислар”даги роли учун яна бир актёр — Мэттью Макфейден иккинчи даражали энг яхши роль учун мукофотни қўлга киритди.

Энг яхши комедияли сериал “Айиқ” (The Bear) бўлди. Сериалда бош ролни ўйнаган Жереми Аллен Уайт энг яхши эркак роли учун совринга эга бўлди, Айо Эдебири ва Эбон Мосс-Бакрак эса комедияли сериалда иккинчи даражали энг яхши актёрларга айланди.

“Эмми” талқини бўйича энг яхши мини-сериал “Низо” (Beef) бўлди. Унда иштирок этган Стивен Ян ва Али Вонг мини-сериалдаги энг яхши эркак ва аёл роллари учун тақдирланди.

Квинта Брансон (“Эббот бошланғич мактаби” — Abbott Elementary) комедияли сериалдаги энг яхши актриса деб тан олинди. Женнифер Кулидж (“Оқ лотос” — The White Lotus) драматик сериалдаги иккинчи даражали энг яхши аёл роли учун мукофотланди.

Бундан ташқари, қўшиқчи Элтон Жон Elton Live: Farewell From Dodger Stadium теледастури (мусиқачининг якуний тури доирасида Шимолий Америкадаги сўнгги концерти тўғридан тўғри трансляцияси) учун “Эмми”га эга бўлди. Шу тариқа, Элтон Жон ЭГОТ, яъни ўз карьераси давомида Америкадаги энг муҳим тўртта мукофот — “Эмми” (телевидение бўйича), “Грэмми” (мусиқа бўйича), “Оскар” (кинематография бўйича) ва “Тони” (театр бўйича)ни камида бир мартадан қўлга киритган артистлар клубига қўшилди.

2023-йил сентябрида ўтказилиши керак бўлган 75-“Эмми” маросими АҚШ актёрлар ва сценарийнавислар иш ташлаши туфайли тўрт ойга кечиктирилган эди. Маросим 2001-йилдан буён биринчи марта кейинга қолдирилди — бундан олдин эса 11-сентябрдаги терактлар туфайли кечиктирилганди. Иш ташлаш ноябрда якунланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.