Киев Вашингтондан Россия ҳудудига АҚШ қуроли билан зарба беришга қўйилган чекловларни олиб ташлашни сўради
Украина АҚШдан Вашингтон томонидан тан олинган Россия ҳудудига зарба беришда Америка қуролидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишни сўради. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берди. Шунингдек, Киев Украина қуроли билан зарбалар бериш учун Россия ҳудудидаги нишонларни аниқлашда ёрдам ҳам сўрамоқда.
Сўров ўтган ҳафта келиб тушган, у кўриб чиқилмоқда. Таъкидланишича, Киев Вашингтонга Россия армияси муваффақиятларга эришаётган бир пайтда мурожаат қилган. WSJ фикрича, АҚШ рози бўлган тақдирда, бу Оқ уй сиёсатидаги жиддий ўзгаришни билдиради.
Бундай сўров ҳақида аввалроқ Politico ҳам маълум қилганди. Нашр маълумотларига кўра, Украина Россия армиясининг Харьков вилоятида олға силжиши фонида АҚШдан Россия ҳудудига Америка қуроли билан зарба беришга рухсат этишни талаб қилмоқда. Вашингтон узоқ масофали қурол-яроғни Украинага юбориш учун шарт сифатида у Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун фойдаланилиши мумкин эмаслигини айтганди. Давлат департаменти АҚШ Россиядаги объектларга зарбаларни қўллаб-қувватламаслигини тасдиқлаганди.
Шарҳлар