Ла-Маншда муҳожирлар ўтирган қайиқ ағдарилиб кетди, 12 киши ҳалок бўлди
Ла-Манш бўғозида муҳожирларни олиб кетаётган кема ағдарилиб, чўкиб кетиши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Reuters.
Муҳожирлар Франциянинг Ле-Портель коммунасидан Буюк Британияга қараб сузаётган эди. Кема йўлга чиққанидан кейин кўп ўтмай, ҳалокатга учраган.
Қирғоқ соқчилиги маълум қилишича, 50 дан ортиқ йўловчи қутқариб олинган. Яна камида икки киши бедарак йўқолган. Йўловчиларнинг аксарияти Африкадан, асосан, Эритреядан бўлган.
Буюк Британия Евроиттифоқдан чиққач, қитъа Европаси ҳудудидан Британия оролларига муҳожирлар оқими сезиларли даражада кучайди. 2019 йилда Британияга Франциядан қайиқларда уч мингга яқин муҳожир сузиб келган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 40 мингдан, 2023 йилда эса 28 мингдан ошди. 2024 йилнинг ўтган саккиз ойида эса бу йўлни 20 минг киши босиб ўтган.
Шарҳлар