Франция Украинага ўз қўшинларини юборишни истисно қилмаяпти — Макрон
Франция президенти France 2 ва ТF1 каналларига интервью бериб, Украинадаги урушда бутун қитъа хавфсизлиги масаласи ҳал бўлаётганини айтди. Украинадаги низони у “Европа ва Франция учун экзистенциал” деб атади ва иттифоқдошларни Киевга ҳарбий ёрдамни чекламасликка чақирди.
Журналистлар саволларига жавоб берар экан, Макрон айни пайтда Украинага қўшин юбориш керак эмаслигини, аммо Франция “воқеаларнинг бундай ривожини истисно қилмаслиги”ни қайд этди.
Шу билан бирга, Макрон тинчликка эришиш усуллари қолмаганини айтди “Россия — бу душман. Кремль режими — бизнинг душманимиз. Биз Россия билан уруш ҳолатида эмасмиз, лекин келинглар дангал айтамиз — биз унинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслигимиз керак”, — деди Макрон.
Бундан ташқари, аввалроқ Франциянинг Le Monde газетаси Франция ҳукуматидаги манбаларига таяниб, Макрон томонидан 21 февраль куни Елисей саройида айтилган гапларни келтирган эди. “Нима бўлганда ҳам, келаётган йилда баъзи йигитларимизни Одессага юборишимга тўғри келади”, — деган у.
Шундан беш кун ўтиб эса Макрон Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган конференцияда шов-шувга айланган баёнотини берган, “келажакда Украинага НАТО қўшинлари юборилишини истисно қилиб бўлмаслиги”ни айтган эди.
Шарҳлар