Маск: Марсга юборилган биринчи одамлар орқага қайтмайди
Илон Маск Марс сайёрасини колонизация қилиш жараёни ҳақидаги режалари билан ўртоқлашган. «SpaceX» асосчиси Марсга борадиган биринчи одамлар ҳеч қачон Ерга қайтмаслигини тасдиқлаган. Миллиардер ўз компанияси узоқ вақтдан бери Марсга бир миллион одамни юбориш режасини ишлаб чиқаётганини айтган. Бу ҳақда у Техас штатидаги «SpaceX» базасида ўтказилган тақдимот чоғида гапирган.
«Бу фақат бир томонга мўлжалланган чипта», – дейди у.
Маск сўзларига кўра, Қизил сайёрани ўзлаштириш жараёни «Starship» кемалари қисмларидан фойдаланишга асосланади. Яъни, Марсга юбориладиган биринчи транспорт воситалари Ерга қайтмайди.
«Бу кемалар Марсда одамлар учун фойдали бўлади. Starship қисмларидан қимматбаҳо материалларни олиш учун фойдаланиш мумкин. Бу кемалар қайтарилмайди, балки улардан хомашё манбаи сифатида фойдаланилади. Албатта, кейинчалик барибир қайтиб келадиган қурилмалар ишга туширилади. Биз одамларга қайтиб келиш имкониятини беришимиз керак, чунки кимдир буни хоҳлаши мумкин. Лекин менимча, Марсга борадиган кўпчилик ҳеч қачон Ерга қайтмайди», – деди Илон Маск.
Шарҳлар