Москвада Украина хавфсизлик хизмати собиқ ходимининг машинасини портлатган шахс қўлга олинди

Фото: Аргументы и факты

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 12 апрель куни Москвада Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) собиқ ходими Василий Прозоровнинг машинасини портлатиб юборган россияликни қўлга олганини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсант”. ФХХ қайд этишича, гумонланувчи Украина томонидан ёлланган.

Автомобилни портлатиб юборган фуқаро ҳарбий операция бошланганидан кейин Украинага ҳудудига кетган. 2023 йил октябрида уни УХХ ходимлари ёллаган.

ФХХ даъво қилишича, гумонланувчига васийлик қилган одам УХХ раҳбари Василий Малюкдан бевосита олинган кўрсатмалар бўйича иш тутган. Фуқаро Россияга қайтиб келиб, портловчи қурилма ясаш учун таркибий қисмларни қўлга киритган ва Василий Прозоров яшайдиган ҳудудда разведка олиб боргач, унинг автомобилига мина ўрнатган.

УХХ собиқ ходимининг машинаси 12 апрель куни Москванинг Ғарбий Дегунино туманида портлаган эди. Детонация Василий Прозоров автомобилни ўт олдирганидан кейин юз берган. Унинг қўл ва оёқлари шикастланган, шунингдек, портлаш тўлқини яқинда турган иккита автомобилга ҳам зарар етказган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.