Мексика президенти Путин ташриф буюрган тақдирда, уни ҳибсга олишдан бош тортди
Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор Россия президенти Владимир Путин октябрь ойида янги президент Клаудия Шейнбаумнинг инаугурациясига келган тақдирда, ҳукумат уни ҳибсга ололмаслигини маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Путинни ҳибсга олиш учун ордерни Халқаро жиноят суди чиқарган бўлиб, Мексика унга аъзо мамлакатдир.
Обрадор инаугурация маросимига таклифномалар Мексика дипломатик алоқалар ўрнатган мамлакатлар раҳбарларининг барчасига юборилганини тасдиқлади. Ундан Россия президенти ташриф буюрган тақдирда, у Халқаро жиноят суди ордерига мувофиқ ҳибсга олиниши хавфи бор-йўқлиги ҳақида сўрашди. “Биз бундай қилолмаймиз, бу бизнинг ишимиз эмас”, — дея жавоб қилди Мексика президенти матбуот анжуманида.
У Мексика Россия ва Украинага келишувга эришишни таклиф қилганини эслатди. “Биз урушга қаршимиз, биз тинчлик тарафдоримиз”, — деди Обрадор.
Халқаро жиноят суди 17 март куни Путинни ҳибсга олиш ҳақида ордер чиқарган эди. Суд версиясига кўра, Россия президенти Украинадан “аҳоли (болалар)нинг ноқонуний депортация қилиниши билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар” учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шарҳлар