Москвада урушга сафарбар қилинганларнинг рафиқалари Мудофаа вазирлиги биносининг олдига акцияга чиқишди

Фото: Москвич Mag

Урушга сафарбар қилинганларнинг яқинлари Москвадаги Мудофаа вазирлиги биноси олдига йиғилиб, мудофаа вазири Андрей Белоусов билан учрашишни талаб қилишди. Намойишчилар, агар керак бўлса, бино олдида тунашга тайёр эканликларини айтишди, дея хабар беради “Дождь”.

Акция “Паулина/Мобилизация ва одамлар” телеграм каналида ёритилган. Унинг муаллифи Паулина Сафронова.

Акция давомида милиция ходимлари сафарбар этилганларнинг хотинлари олдига келган. Сафронованинг сўзларига кўра, полиция намойишчиларга яқинлашган барча “ҳамдард”ларни тўхтатиб, ҳибсга олган.

Бугун “Путь домой” (“Уйга йўл”) ҳаракатига аъзо сафарбар қилинганларнинг рафиқалари   “Оиласиз кун” акциясини ҳам ўтказмоқда. Акция иштирокчилари “Оиласиз кун” ва “Оиласиз парад” деб ёзилган плакатлар билан фотосуратлар юборишмоқда.

Ҳаракат иштирокчиларидан бири “Дождь” журналисти Валерия Ратниковага айтишича, акциядан мақсад улар “кўринмас одам” ҳам ва “хорижий агент” ҳам эмас, балки “ўз эркакларини йўқотган реал қариндошлар” эканликларини кўрсатишдир.

“Оила кунига бағишланган парад ҳамма жойда реклама қилинаётганини кўрганимда шу ғоя пайдо бўлди. Ва негадир шу лаҳзада бизга, икки йилдан ортиқ вақтдан бери тўлақонли оила бўлиб яшамаётганларга эътибор беришмади”, — дейди ҳаракат иштирокчиси.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.