Камчаткада вертолёт ҳалокати қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди
Россиянинг Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов 3 сентябрни Ми-8 вертолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, авиаҳалокат қурбонлари орасида Камчатка, Москва, Перм ўлкаси, Липецк, Амур вилоятлари, Бурятия ва Удмуртия фуқаролари бор.
Камчаткага бугун, 2 сентябрь куни Давлатлараро авиация қўмитаси вакиллари етиб келади. Мутахассислар ҳалокат сабабларини ўрганади. Шунингдек, ҳудудга Россия транспорт вазири ўринбосари ҳам келади.
“Витязь-Аэро” авиакомпаниясининг Ми-8 вертолёти Камчаткада 31 август куни йўқолиб қолди. Унинг бортида 22 киши: 3 нафар экипаж аъзоси ва 19 йўловчи бўлган. Вертолёт бўлаклари 1 сентябрь куни 900 метр баландликдан топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бортдаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлган. Ҳалокат экипажнинг хатоси туфайли юз бергани тахмин этилмоқда. Қутқарувчилар фикрича, атроф яхши кўринмайдиган шароитда вертолёт тепаликка бориб урилган.
Шарҳлар