Россиянинг Иркутск вилоятида муҳожирларга такси, туризм ва савдо соҳаларида ишлаш тақиқланади
2024 йил 11 октябрь куни Россиянинг Иркутск вилояти губернатори Игор Кобзев фармон имзолади, унга кўра, меҳнат патентига эга чет эл фуқароларига баъзи соҳаларда ишлаш тақиқланади. Ўзгаришлар 2025 йилда амал қилишни бошлайди. Фармон эълон қилинганидан кейин 10 кун ўтиб кучга киради.
Иркутск вилоятида муҳожирларга шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги қатновлар бўйича мунтазам йўловчи ташиш, такси ва таълим соҳаларида ишлаш тақиқланади. Улар экскурсиявий сайёҳлик хизматларини ва болаларни кундузи парваришлаш хизматларини тақдим эта олмайди.
Меҳнат патенти бўлган чет эл фуқароларини озиқ-овқат, алкоголь ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари савдосига жалб қилиш мумкин бўлмайди. Улар ўрмон хўжалиги ва ёғоч-тахта материаллар соҳасида, дори воситалари ва материаллари ишлаб чиқаришда, геология-разведка, геофизика ва геокимёвий ишларда, минерал-хомашё базасини қайта ишлашда меҳнат қила олмайди.
Шарҳлар