Шимолий Корея ҳарбий сунъий йўлдошини учирмоқчи бўлди, аммо бу муваффақиятсиз якунланди
КХДР Аэрокосмик техника бўйича давлат бош бошқармаси 27 май куни “Манлигён-1-1” ҳарбий разведкачи сунъий йўлдоши ортилган янги турдаги элтувчи ракетани учирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Корея Марказий телеграф агентлиги хабарига кўра, парвоз муваффақиятсиз ўтган, ракета ҳавода портлаб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ракета портлашига “қайтадан ишлаб чиқилган” двигателнинг ишончсизлиги сабаб бўлган. Шимолий Корея агентлиги “суюқ кислород + нефть” двигатели ҳақида ёзмоқда. Катта эҳтимол билан, “керосин + суюқ кислород” двигатели кўзда тутилмоқда, у оммабоп ва арзон турдаги ракета ёнилғисидир.
Муваффақиятсиз парвознинг аниқ сабаби кейинроқ ўрганилади. ОАВларда парвоз ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Япониянинг NHK телеканали КХДР ва Хитой чегарасида номаълум жисм портлагани акс этган кадрларни эълон қилди. Бу Шимолий Кореянинг портлаган ракетаси экани тахмин этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея Японияни 4 июнга қадар коинотга сунъий йўлдош учириши ҳақида огоҳлантирган эди. Сеул маълумотларига кўра, ушбу сунъий йўлдошни ишга туширишда Шимолий Кореяга Россия ёрдам беради, бу Пхеньян Москвага унинг Украинага қарши урушида берган кўмакка жавоб бўлади.
Шарҳлар