Bo'limsiz

Санкция остига тушган маҳсулотлар Россияга қандай импорт қилинади

АҚШ ва Европа Иттифоқининг кенг миқёсли санкцияларига қарамай, Россия ўз армияси томонидан Украинадаги жанговар операцияларда фойдаланаётган чиплар ва айфонлардан тортиб, то фуқаро авиацияси учун эҳтиёт қисмлар ва замонавий ракета компонентларигача бўлган тақиқланган буюмларни импорт қилишда давом этмоқда. “Вёрстка” нашрининг Россия божхона статистикасига тегишли ёпиқ маълумотларни ўрганиб чиқиб, қилган хулосаларига кўра, Ғарб давлатларининг чекловлари туфайли логистика янада мураккаблашган бўлса-да, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар орқали Россияга импорт ҳажми катталигича қолмоқда. Журналистлар санкциялар билан тақиқланган қанча товарларнинг Россияга киришини ҳисоблаб чиқди ва логистика мутахассислари, экспедиторлар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, ноқонуний етказиб бериш схемалари қандай ишлашини тушунтирди.

Энг оддий шаклда, Россияга санкциядаги товарларни етказиб беришнинг деярли ҳар қандай схемаси қуйидаги кўринишда. “Вёрстка” нашрига параллель импорт билан шуғулланувчи бир неча киши бунинг учун учинчи давлатда компания рўйхатдан ўтказилишини гапириб берди. Кейин бу компания керакли маҳсулотни ички бозордан сотиб олади ёки тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчига буюртма бериб, Россияга реэкспорт учун жойлаштиради. Бундай компанияларни руслар ҳам, хорижликлар ҳам рўйхатдан ўтказиши мумкин. Аммо чет эллик таъсисчи билан вариант ишончлироқ, чунки баъзи етказиб берувчилар буни назорат қилади, дейди “Вёрстка” нашрига  параллель импорт билан шуғулланадиган бир нечта киши.

Реэкспорт учун ишлаётган тадбиркорлар воситачи компанияларни йирик иқтисодиёти ва фаол халқаро савдоси бўлган нейтрал мамлакатда рўйхатдан ўтказишни афзал кўришади. Масалан, Хитой ёки Туркияда. Мамлакатлар импорт қилувчилар томонидан қайси турдаги товарлар ва қанча миқдорда олиб келишларига қараб танланади. Шундай қилиб, электроника учун кўпинча Хитой ва Гонконгдан фойдаланилади.

Етказиладиган мамлакат сифатида Бирлашган Араб Амирликлари ва собиқ Совет Иттифоқи мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Ўзбекистон фаол фойдаланилмоқда. Ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари бор, дейди “Вёрстка”нинг  суҳбатдоши. Масалан, Арманистон, агар партия катта бўлса ва уни самолётда ташиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, у ҳолда Эронга қуруқлик орқали жўнатилади. Кейин Каспий денгизи орқали кемаларда улар Астрахан портига олиб кетилади. Бундай қийин йўл Арманистоннинг Россия билан қуруқликда чегараси йўқлиги сабабли юзага келади. Грузияда эса санкция остидаги товарларни транзит қилиш билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин, – дейди Right-flow компаниясининг логистика бўйича мутахассиси Армен.

Манба: “Вёрстка”

Товарларнинг бир қисми кичик партияларда кичик бизнес ёрдамида Россияга келади. “Баъзи реагентларни, ускуналарни олиб келиш осон”, – дея давом этади Армен. Катта партиялар билан қийинчиликлар пайдо бўлади. “Масалан, контейнерлар [товарлар] келса, унда Хитой ва Туркия иштирок этади”, – дея қўшимча қилади Армен. “Бу шунчаки, илгари кичик ҳажмдаги юкларни олиб киришда фойдаланилган йўллар энди Россиянинг бутун импорти учун фойдаланилмоқда”, – дейди у параллель импортнинг моҳиятини тушунтирар экан.

Уруш бошланганидан кейин Россияга импорт камайди, 2022 йил апрель ойида у минимал қийматларга етди. Аммо сентябрга келиб, импорт қилувчи мамлакатларни алмаштириш ҳисобига урушдан олдинги даражага чиқди. Silverado таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил октябрига келиб Россияга Ғарб давлатларидан — Европа ва АҚШдан импорт мос равишда 50 ва 80 фоизга камайди. Европаликлар ва АҚШ кетганидан кейин бўшаган ўринни Хитой, Туркия ва МДҲ давлатлари эгаллади. Бу мамлакатлар билан савдо айланмаси сезиларли даражада ошди. Масалан, Арманистоннинг Россияга экспорти 2022 йилда 187 фоизга ўсди ва 2,37 миллиард долларни ташкил қилди. Қозоғистоннинг Россияга экспорти ўтган йили 25 фоизга ошиб, 8,78 миллиард долларга етди. Қирғизистондан экспорт 250 фоизга ўсиб, 960 миллион доллардан ошди. Чунки бу давлатлар санкция остидаги товарлар учун транзит мамлакатлар ҳисобланади.

Ҳозир Россияга аввалгидай ҳамма нарсани олиб келиш мумкин, дейди тадбиркор Сергей. У Россияга санкция остидаги турли хил товарлар, жумладан, автомобиллар учун эҳтиёт қисмларни олиб келади. “Ҳар доим бир нечта йўналиш вариантлари бор, – дейди у. – Хитой орқали, Туркия орқали, собиқ СССР мамлакатлари орқали”. “Худди шундай, бир нечта тўлов вариантлари мавжуд”, – дея қўшимча қилади у.

Тўлов усули ҳар қандай параллель импорт схемасининг муҳим элементидир, дейди “Вёрстка” нашри билан суҳбатда бўлган импортчилар. Энг оддий ва энг самарали вариантлардан бири бу бир неча миллион долларгача бўлган нисбатан кичик харидлар учун ўзаро ҳисобга олиш йўли билан тўлашдир. Россияда ва бошқа бир қанча мамлакатларда юридик шахсларга эга муайян бир ташкилот мавжуд. Мижоз Россияда рубль ўтказади. Ва аллақачон Хитойда, БААда ёки умуман Қирғизистонда рўйхатдан ўтган хорижий компания эса мижозга керакли нарсани ўзи учун сотиб олади. “Масалан, ҳозир бизда юк бор  – Нидерландияда тўлаш керак. Ҳаммаси учун Гонконг орқали тўланади. Менинг дўстларим Гонконгда ва бу ерда офислари ва омборлари бўлган компанияга эга. Мен уларга бу ерда, Москвада пул бераман, кейин ҳаммасини Гонконг компанияси орқали тўлайди”, – дея мисол келтиради Сергей. Унинг сўзларига кўра, кейин унинг юки Тожикистон орқали Россияга олиб келинади.

Бундай «воситачилик» ҳам бизнес ҳисобланади. Россия компанияси чет элда ўз юридик шахсини рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга эмас. Шу боис у фоиз эвазига унга ушбу хизматни тақдим этадиган фирмаларга мурожаат қилади. Бу 1,5% дан 5% гача туради, дейди “Вёрстка” нашрига хориждан етказиб бериш учун тўлов орқали пул топадиган бир нечта одам.

Яна классик тўлов усуллари – банклараро ўтказмалар ҳам қўлланилади. Хитой ҳолатида Россиянинг импортчи компаниялари баъзан ҳатто воситачилар ҳам керак эмас. Улар тўғридан-тўғри заводдан товарларга буюртма беришлари ва SWIFT орқали юанда инвойс бўйича пул ўтказишлари мумкин, дейди “Вёрстка”га Хитой билан ишлайдиган импортчилардан бири. Аммо агар сиз Хитой орқали Европа ва АҚШдан бирор нарса буюртма қилишингиз керак бўлса, унда сизга товарларга буюртма берадиган ва кейин уни қайта экспорт қиладиган Хитой компанияси керак бўлади. Аммо бу компаниянинг бенефициари хитойлик бўлиши жуда муҳим, дейди у: «Европа компаниялари, агар сиз уларга бенефициар россиялик эканлигини олдиндан айтсангиз, улар дарҳол рад этишади”. Кўпинча бундай компания Гонконгда очилади, чунки Гонконгдан пул дунёнинг исталган нуқтасига 24 соат ичида “учиб кетади”», – дейди “Вёрстка” манбаси.

Шу билан бирга, ҳамма Хитой банклари ҳам Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилавермайди. ABC (Хитой Қишлоқ хўжалиги банки) каби йирик ташкилот сиз билан ишламайди, чунки у халқаро, унинг АҚШ ва Буюк Британияда филиаллари бор ва унга муаммолар керак эмас. Аммо кичикроқ банклар, “яхши танилмаган банклар, айтайлик, Гуандун банки рус пулларини мамнуният билан қабул қилади”, – дейди “Вёрстка” суҳбатдоши.

Параллель импорт схемалари иккала томонга ҳам ишлайди. Худди шу тарзда, импорти тақиқланган Россия товарлари Европага киради. Масалан, нефть маҳсулотлари. Уруш бошланганидан бери Россия Африка мамлакатларига нефть маҳсулотлари экспортини ўн бараварга оширди, дейилади S&P Global томонидан яқинда берилган шарҳда. Улар, ўз навбатида, уларни Европага қайта экспорт қилишади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.