НАТО Бош котиби Россия Қора денгиз флоти кемалари альянс ракеталари билан йўқ қилинганини билдирди
НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Украина Россия Қора денгиз флоти кемаларига ҳужум қилиш учун Ғарбда ишлаб чиқарилган ракеталардан, жумладан, Франциянинг Scalp ва Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан фойдаланмоқда. Столтенберг Россия флотига зарба беришдаги муваффақиятни ҳисобга олиб, Украинага ракета етказиб бериш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳужумлар бўйича разведка маълумотлари ва нишонга оид тафсилотларга аниқлик киритлмади, деб ёзади The Moscow Times.
Очиқ маълумотларга кўра, Россия икки йиллик можаро давомида Қора денгизда 20 дан ортиқ ҳарбий кемаларини, жумладан десант кемалари, сув ости кемалари ва «Москва» крейсерини йўқотган. Буюк Британия Мудофаа вазири Грант Шаппс 2023 йилнинг сўнгги ойларида флот йўқотишларини 20 фоизга баҳолади.
«Новая газета»нинг ҳарбий эксперти Валерий Ширяевнинг таъкидлашича, биргина Қора денгиз флоти камида 15 та кемасини йўқотган, Болтиқбўйи ва Шимолий флотларнинг кемалари ҳам йўқотилган. Украина нафақат Ғарб ракеталарини, балки денгиз урушининг инновацион усулларини, жумладан, дрон-қайиқлардан фойдаланган ҳолда «бўрилар галаси» тактикасини ҳам қўлламоқда.
Катта йўқотишларга жавобан Россия президенти Владимир Путин Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони адмирал Николай Евменовни ишдан бўшатган ва унинг ўрнига вақтинча адмирал Александр Моисеевни тайинлаган. Манбаларга кўра, Моисеев тез орада денгиз флотининг тўлақонли бош қўмондони бўлиши мумкин.
Шарҳлар